ТОИФАЛАР
Сизга баб-баробар ёқмасман сўзсиз, Гарчи шеър ёзаман ёқмоқ қасдида. Бирингиз нарвоннинг тепасидасиз, Иккинчингиз эса унинг пастида.
Бир жойдан чиқмаган фикрингиз асло, Бирингиз тегирмон, иккинчингиз дон. Мен-чи, тегирмончи кимсаман гўё, Гапим уқдиролмай, ўртада сарсон.
Бирингизга ёқар офтобли кунлар, Бирингиз ёмғирли кунга ошиқсиз. Бирингизда мудом ҳасратли унлар, Бошқангиз ҳамиша кўнгли очиқсиз.
Сиз шайдо ва лекин фарқингиз анча, Дидингиз турлидир, ҳатто қоришиқ. Бир вақтнинг ўзида, уринмай қанча, Айтиб беролмасман икки хил қўшиқ.
Балки қалбларингиз англамоқ учун Йиллар ўтиб кетар секин ва оғир. Келишиб олгайсиз, иншоллоҳ, бир кун, Қолмас орангизда жумбоқ билан сир.
Ҳозир-чи, дардингиз турфадир мутлоқ, Рози ҳам бўлмайсиз мендан шу фурсат. Бировингиз учун кўринсам-да оқ, Иккинчингиз учун қораман фақат.
16.03.2016 й.